Контакты
info@auditor.uz
Телефоны:
+99890 919 – 36 – 90
+99897 732 – 88 – 84
АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИГА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАРНИ ЖАЛБ ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
21.12.2015 й.
N ПҚ-2454
 
 
Ҳужжатнинг рус тилидаги
матнига қаранг
 
 
АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИГА
ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАРНИ ЖАЛБ
ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 
Илова. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим
қарорларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар
 
 
Акциядорлик жамиятларига хорижий инвестор ва менежерларни кенг жалб этиш, корпоратив бошқарувда, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашда, сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда уни ташқи бозорларга олиб чиқишда уларнинг фаол иштирок этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек акциядорлик жамиятларининг устав капиталларида давлат активлари ва улушларини қисқартириш ҳисобидан иқтисодиётда давлатнинг иштирокини тубдан камайтириш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 мартдаги ПҚ-2327-сонли қарори билан ташкил этилган Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича комиссиянинг, шунингдек акциядорлик жамиятлари устав капиталида хорижий инвесторларнинг улуши 15 фоиздан кам бўлмаслигидан иборат тартиб жорий этилиши таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2016 йилнинг 1 апрелигача Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунига ҳамда бошқа қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мазкур қарордан келиб чиқадиган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритсин, улар асосида ишлаб чиқилган акциядорлик жамиятининг намунавий низомини тасдиқласин.
Акциядорлик жамиятлари 2016 йилнинг 1 апрелигача ўз низомлари ва ички меъёрий ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритишни ҳамда уларни қарорнинг ушбу банди талабларига мувофиқлаштиришни таъминласин.
 
2. Белгилансинки:
устав капиталида хорижий инвесторларнинг улуши 15 фоиздан кам бўлган, аввал ташкил этилган акциядорлик жамиятлари, 2016 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда мазкур қарорнинг 1-банди талаблари бажарилишини таъминлаши лозим, стратегик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бирламчи қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган акциядорлик жамиятлари, шунингдек табиий монополия субъектлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича нархи бошқариладиган ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматларни етказиб берувчилар бундан мустасно.
ўз устав капиталларига белгиланган муддатларда хорижий инвесторларнинг 15 фоиздан кам бўлмаган улуши жалб қилинишини таъминламаган акциядорлик жамиятлари, солиқ имтиёзлари ва преференциялар беришдан келиб чиқадиган барча оқибатларни ҳисобга олган ҳолда, улар акциядорлик жамиятлари реестридан чиқарилади ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартирилади;
2016 йилнинг 1 июлидан бошлаб янги ташкил этиладиган акциядорлик жамиятлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутиладиган ҳолатлардан ташқари, фақат хорижий инвесторнинг устав капиталидаги иштироки улуши 15 фоиздан кам бўлмаган тақдирдагина ташкил қилиниши мумкин.
 
3. Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича комиссия (Р. Азимов) ва Вазирлар Маҳкамаси комплекслари зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилсин:
амалдаги акциядорлик жамиятларини белгиланган муддатларда мазкур қарор талабларига мувофиқлаштиришнинг қатъий назоратини таъминлаш;
хорижий инвесторларга сотилиши лозим бўлган акциядорлик жамиятларининг акцияларини баҳолаш ва савдога қўйиш жадвалини бир ой муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
хорижий инвесторларни акциядорлик жамиятларига жалб этиш бўйича ишларнинг ташкил этилиши доимий мониторингини олиб бориш;
акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг улуши сотилишини давом эттириш бўйича тизимли асосда таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш.
 
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сонли Фармони билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга хорижий инвестор томонидан киритилган инвестициялар ҳажмига қараб юридик шахсларнинг фойда солиғи, мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш бўйича берилган имтиёзлар табақалаштирилган тарзда хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15 фоизидан 33 фоизигача миқдорни ташкил этадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилсин.
 
5. Қуйидагилар:
2020 йилнинг 1 январигача хорижий инвесторларнинг акциядорлик жамиятларида уларга тегишли бўлган акцияларидан дивиденд тарзида олаётган даромадидан солиқ тўлашдан;
хорижий инвестицияси мавжуд акциядорлик жамиятларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда даъво аризаси билан судга мурожаат этганда давлат божини тўлашдан озод қилинсин, кейинчалик давлат божи суднинг тегишли қарори билан айбдор деб топилган томондан ундириб олинсин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда жойларга чиқиб акциядорлик жамиятларининг молиявий-иқтисодий аҳволини ўрганиш учун жалб этилган хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикасига кириш ва туриш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашсин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
 
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
 
 
 
 
 
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2015 йил 21 декабрдаги
ПҚ-2454-сонли қарорига
ИЛОВА
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
айрим қарорларига киритиладиган
ўзгартиш ва қўшимчалар
 
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 28 апрелдаги ПҚ-2340-сонли қарорининг 6-банди қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
"2-иловага киритилган 15 фоиздан камроқ хорижий капитал иштирокидаги акциядорлик жамиятларининг акция пакетлари фақат хорижий инвесторларга сотилади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг улуши бўлган тижорат ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади."
 
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли қарори 3-бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан кўп бўлган корхоналарда, активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг каррасидан кўпроқ бўлган акциядорлик жамиятларида эса ички аудит хизматлари ташкил этилади, мазкур хизматлар кузатув кенгашлари томонидан тайинланади ва уларга ҳисобот беради".
 
 
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2015 йил 28 декабрь, 51-сон, 633-модда
Опубликовал(а): Администрация
Auditor.UZ